Бўлим низоми

Халқ  таълими   туман  бўлими

Низоми

I. Умумий қоидалар

1. Халқ таълими  туман (шаҳар) бўлими (кейинги ўринларда Бўлим — деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосан туман, шаҳар ҳокимияти томонидан ташкил этилади ва ўз фаолияти давомида юқори турувчи халқ таълими бошқарув органи тасарруфида бўлади.

 

2. Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, юқори турувчи халқ таълими бошқарув органи ҳамда маҳаллий ҳокимиятнинг қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

3. Бўлим ўз тасарруфидаги таълим бўйича барча таълим муассасалари фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ҳамда болалар ва ўқувчилар таълим-тарбиясининг сифати, фан асосларини ўзлаштириш эҳтиёжларини ривожлантириш ва улар билан касбга йўналтириш ишларини олиб боришни ташкиллаштириш учун масъул ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор, фармон, фармойишлари, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари, Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаси Ҳайъат қарори, буйруқ ва топшириқларининг ижросини таркибидаги бўлинмалар ва тасарруфидаги таълим муассасалари томонидан ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлайди.

5. Бўлим ўз фаолиятини давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

6. Бўлим ва унинг тасарруфидаги таълим муассасаларининг моддий-техника таъминоти, шунингдек, уларда ишловчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шу мақсад учун ажратиладиган маблағлар доирасида маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

7. Бўлим юридик шахс ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

8. Бўлим илгари фаолият юритган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг вориси ҳисобланади.

II. Бўлим ўз фаолиятида таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойилларига асосланади.

9. Таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий тамойиллари:

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар ва демократик характерда эканлиги;

таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;

умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг барча учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.

10. Бўлимнинг муҳим мақсадли вазифаси – «Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг асосий тамойиллари ва устувор йўналишларини амалга оширишдан иборатдир.

III. Бўлимнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари

11. Бўлимнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, педагогик кадрлар, айниқса, бошланғич синф ўқитувчиларининг малакаси ва касбий маҳоратини ошириш;

идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар томонидан давлат таълим стандартлари(талаблари)га риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;

мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқув-тарбия ишларини методик таъминлашни ташкил этиш, ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва илғор шаклларини, энг янги педагогик ва ахборот технологияларини, маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг самарали шакл ва методларини жорий этишни таъминлайди;

таълим муассасалари томонидан улар ҳузурида ташкил этилган замонавий моддий-техника базасидан, шу жумладан ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, мебеллар, спорт инвентарлари ва жиҳозларидан самарали фойдаланишни таъминлайди;

ўқувчиларнинг касбга йўналтирилишини ва психологик-педагогик диагностикасини, васийликни, болалар ва ўсмирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни, улар билан, шу жумладан ижтимоий ночор болалар билан доимий иш олиб боришни ташкил этади;

болалар спортини ривожлантириш ва ўқувчи-ёшларни, айниқса, қишлоқ жойларида жисмоний тарбия ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишга оммавий жалб этади;

болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим тизимини такомиллаштириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маданий савиясини юксалтириш, улар орасида истеъдодларни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларнинг миллий ва жаҳон санъатининг юксак намуналаридан кенг бахраманд бўлиши юзасидан зарур шарт-шароитлар яратади;

ўқувчиларга миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган юқори даражадаги маънавий-маърифий тарбия бериш, мамлакат тараққиёти, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга йўналтирилган, миллий мустақиллик ғоялари сингдирилган, Ватани ва ўз халқига содиқ фуқароларни шакллантиришга йўналтирилган таълим-тарбияни амалга оширади;

таркибидаги бўлинмалар ва тасарруфидаги таълим муассасаларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш вазифаларини амалга оширади ҳамда уларнинг натижалари бўйича ҳужжатларни таҳлил ва назорат қилиш масалаларида методик ва амалий ёрдам кўрсатади.

12. Бўлим ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги функцияларни бажаради:

халқ таълими муассасаларининг Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида”ги Қонунида белгиланган қоидаларга ва умумий ўрта таълим давлат таълим стандартларига амал қилишини мониторинг ҳамда назорат қилади;

тегишли манфаатдор органлар ва муассасалар, жойлардаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга йўналтирилган ишларни таъминлайди;

таълим муассасалари иш амалиётига умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари, илмий ютуқлар ва илғор педагогик тажрибаларнинг татбиқ этилишига шароит яратади;

таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнига методик раҳбарликни амалга оширади;

илғор ўқитувчилар ва таълим муассасаларининг ижобий иш тажрибасини ўрганади ҳамда умумлаштиради, таълим муассасаларидаги ўқув-методик ва тарбиявий ишларни амалга ошириш давомида уни кенг оммалаштиради;

идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари устидан методик раҳбарликни амалга оширади;

ўқувчилар билан мактабдан ташқари тарбиявий ишларни, жумладан, болалар туризми ва ўлкашунослик, болалар техник ижодкорлиги ва халқ ҳунармандчилигининг мавжуд турлари ва шаклларини такомиллаштиради, уларнинг миллий турлари ва шаклларини қайта тиклашга ва янгиларини жорий этади;

таълим муассасаларини дастурлар, ўқув режалари, ўқув-кўргазмали қўлланмалар ва ўқув ускуналари, таълимнинг техник воситалари, қўлланма-методик адабиётлар билан таъминлаш ишларини амалга оширади;

умумтаълим мактабларида дарсликлар кутубхона фондини жамлаш ҳамда ундан ўқув жараёнида тўғри фойдаланиш бўйича ишларни таъминлайди;

умумтаълим мактаблари битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичи ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқишга киришини ташкил қилади;

таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилишини, улардан самарали фойдаланишни, педагог ходимларни шу соҳадаги малакасини оширилишини таъминлайди;

мактаб-интернатлар, «Меҳрибонлик” уйлари ва мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг овқатланишларини ташкил этишни назорат қилади;

умумий ўрта таълим ҳажмида, тиббий кўрсатмалар асосида болаларнинг уйда якка тартибда таълим-тарбия олишига шароит яратади;

ота-она қарамоғисиз қолган болаларни аниқлайди, уларнинг ҳисобини олиб боради ҳамда ота-она қарамоғини йўқотганликнинг аниқ ҳолатларидан келиб чиқиб, болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар билан ҳамкорликда иш олиб боради;

тўлиқ давлат таъминоти асосида, етим болаларни ва ота-она қаровидан маҳрум бўлган болаларни давлат ва нодавлат таълим муассасалари таъминотига олиш, ўқитиш, тарбиялаш ва касб-ҳунарга тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратади;

жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни ўқитиш, тарбиялаш ва моддий таъминлашни ташкил қилади, уларни касб-ҳунарга тайёрлашни, ижтимоий-маиший шароитларини ва моддий таъминотини, тиббий хизмат кўрсатилишини ва соғломлаштиришни такомиллаштиради, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар тармоғини ривожлантиради;

туман (шаҳар) таълим муассасалари тарбияланувчи-ўқувчиларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, жамғармалар билан ижодий фаол, Ўзбекистон мустақиллиги ғояларига садоқатли ва жамият тараққиётига аниқ ҳисса қўшишга лаёқатли шахсни камол топтириш бўйича ўзаро яқин ҳамкорликни ташкил этади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда аҳолининг мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш, мактабгача ёшдаги болаларни тўлақонли жисмоний ва ақлий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга оширади, болалар ва ўсмирлар учун мактабдан ташқари ва ўқув-тарбия муассасалари тармоғини ривожлантиради, ўсиб келаётган авлоднинг ижодий фаолиятини ва соғлом ҳордиғини, уларнинг қизиқишлари ва истакларини қондиришни, қобилияти ва истеъдодини ҳар томонлама ривожлантиришни таъминловчи муассасаларни ривожлантиради;

тасарруфидаги таълим муассасаларининг Уставларини тасдиқлайди;

туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими билан биргаликда болалар, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашни таъминлаш ишларини амалга оширади;

белгиланган тартибда мактабгача, мактаб, мактабдан ташқари таълимнинг муҳим масалалари бўйича йиғилишлар, семинарлар ўтказади;

болалар спорти иншоотларининг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг қувватидан тўлиқ фойдаланилишини таъминлаш, спорт секцияларининг самарали фаолият кўрсатиши ва методик таъминотини, уларнинг малакали спорт мураббийлари билан таъминлайди;

тасарруфидаги таълим муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилади, олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашни амалга оширади, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш бўйича ишларни ташкил қилади;

таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш бўйича ишларни ташкил қилади;

педагог ходимларни меҳнатда юқори кўрсаткичлари, ўқувчи ёшларни ўқитиш ва тарбиялашдаги фаол иштироки учун Ҳукумат ва идоравий мукофотларга белгиланган тартибда тақдим этади;

таълим муассасаларида қурилиш ишлари олиб борилиши ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминланиши устидан назоратни, таълим муассасаларининг кузги-қишки мавсумга тайёргарлик бўйича ишларни амалга оширади;

бўлимнинг йиллик харажатларини режалаштиради;

бўлимнинг режа кўрсатгичларини белгиланган меъёрий ҳужжатларга асосан тузади;

бўлимнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисоботларни тузиш ва тақдим қилиш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, бўлимда бухгалтерия ҳисобини юритилишига, молиявий ҳисоботларни ўз вақтида ва тўлиқ топширилишига, шунингдек бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни бажаради;

қуйи ташкилотларни тўлиқ назорат қилади ҳамда барча турдаги молиявий ҳисоботларни қабул қилади ва юқори ташкилотларга топширади;

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига оид низомлар, йўриқномалар, қўлланмалар, услубий кўрсатмаларни ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимли равишда ҳисобини олиб бориш ва иш жараёнида мунтазам фойдаланади;

фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида ҳамда тўғри кўриб чиқилишини таъминлайди, фуқароларнинг шикоятларига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга йўналтирилган тадбирларни амалга оширади.

13. Бўлим ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, тасарруфидаги бошқа муассасалар орқали амалга оширади.

IV. Бўлимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

14. Бўлим ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мактабгача, умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим муассасаларида, уларнинг мулкчилик шакллари ва бўйсунишидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда таълим масалалари бўйича бошқа қонун ҳужжатларининг бажарилишини текшириш;

таълим бўйича алоҳида масалаларни ҳал этиш, таълим муассасалари ишларини такомиллаштириш, уларнинг ўқув-моддий негизини мустаҳкамлаш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш юзасидан таклифларни юқори турувчи халқ таълими органига кўриб чиқиш учун киритиш;

ўз тасарруфида бўлган таълим муассасалари ходимларини ишдан бўшатиш ва уларни жавобгарликка тортиш тўғрисида меҳнат қонунчилигига зид равишда қабул қилинган буйруқларини бекор қилиш;

Кенгаш йиғилишларида бўлим ваколатига кирувчи масалалар бўйича таълим муассасалари ҳисоботларини кўриб чиқиш;

бўлим амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Бўлим ўз мажбуриятлари бўйича таълим муассасаларида таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлашда ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада бажарилиши учун жавоб беради.

V. Бўлим фаолиятини ташкил этиш

15. Бўлимга юқори халқ таълими бошқарув органининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бўлим мудири раҳбарлик қилади.

16. Бўлим мудири:

бўлим фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда бўлимга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

бўлим масъул шахсларининг ваколатларини, уларнинг тасарруфдаги таълим муассасалари фаолиятлари йўналишлари бўйича жавобгарлик даражасини белгилайди;

юқори турадиган давлат ҳукумати ва халқ таълими бошқаруви органларининг меъёрий ҳужжатлари, ҳокимият қарорлари асосида ва уларни бажариш юзасидан ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, ижро этилишини ташкил этади ва назорат қилади;

бўлим, тасарруфидаги таълим муассасалари ходимларини белгиланган кадрлар номенклатурасига мувофиқ ишга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.

бўлим мудири ўз ваколати доирасида қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

17. Бўлимнинг тузилмаси ва штатлари ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

18. Бўлимда етти кишидан иборат Кенгаш ташкил этилади:

бўлим мудири — Кенгаш раиси, бўлим ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари, ходимлари таркибидан — Кенгаш аъзолари белгиланади.

Кенгаш таркиби юқори турувчи халқ таълими бошқарув органи томонидан тасдиқланади.

Кенгаш ўз мажлисларида бўлим фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқади, таълим муассасалари раҳбарларининг болалар ва ўқувчиларга берилаётган таълим-тарбиянинг сифат даражаси, меъёрий ҳужжатларнинг бажарилиши, педагогик кадрларни танлаш ва улардан фойдаланиш юзасидан ҳисоботларини тинглайди, шунингдек, бўлим ваколатига кирувчи бошқа муҳим масалаларни кўриб чиқади.

Кенгаш қарори бўлим мудири буйруғи билан амалга оширилади.

19. Бўлимни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.